"Пахтакор" бош мураббийи ва сардори "Ал Садд" билан ўйиндан "Жассим Бин Ҳамад" стадионида ўтказилган матбуот анжуманида қатнашишди.
Арвеладзе: - Эртага бизни қийин ва қизиқарли ўйин кутмоқда. Турнир жадвали ва очколардан келиб чиқсак, ўта аҳамиятли тўқнашув. Ҳар икки жамоа футбол ўйнашга интилади. Мухлислар чиройли ва ҳужумкор футбол кўришади деб ўйлайман.
Гуруҳимизда кучли жамоалар жамланган. Кимнингдир ғалабаси мен учун сюрприз бўлмайди. Барча жамоаларда имконият бор. Бизда баъзи ўзгаришлар бўлиши мумкин, буни эртага кўрасиз.
Дохада қандайдир бошқача ўйин бўлади деб ўйламайман. Ҳар икки жамоа тўпни назорат қилишга, ҳужум уюштиришга интилади. Сафимизда ўзини кўрсата оладиган футболчилар бор, уларнинг ўйинини ёқтириб қолишингиз мумкин.
Рақибни Тошкентдаги ўйиндан кейин янада ўргандик. Баъзи камчиликларини билдик, ўзимиз учун хулосалар чиқардик. Эртага бундан фойдаланишга уринамиз.
Кримец: - Эртага бизни яхши ўйин кутиб турибди деб ўйлайман. Бу ерга ўз футболимизни кўрсатиш ва ғалаба қозониш мақсадида келдик.
Эртага бизни дуранг қониқтирадими? Икки ўйинда дуранг ўйнаш гуруҳдаги вазиятга таъсир қилиши мумкин. Биз зафар қучишга интиламиз.