Жамоамиз Чемпионлар Лигаси 4-турида Қатарда "Ал Садд" меҳмони бўлади.
Учрашув "Жассим Бин Ҳамад" стадионида Тошкент вақти билан соат 21:00да старт олади. Мазкур ўйиннинг аҳамияти жуда юқори. Ғалаба қозонган тақдиримизда нимчорак финалга чиқиш учун жуда катта қадамни ташлаган бўламиз. Дуранг натижа ҳам имкониятларимизни анча яхши ҳолатда сақлаб қолади. Шу сабабли "Пахтакор" мазкур баҳсда ижобий натижага эришиш мақсадида бор кучини ишга солади. Тошкентда кечган ўйин жуда қизиқарли ва голларга бой тарзда ўтди. Дохада ҳам яна бир бор шиддатли, кескин, ҳужумкор ва чиройли футболдан баҳраманд бўлишимиз эҳтимоли юқори.
Беллашувни мезбонлардан Педро Корреа ва Акрам Афиф сариқ карточкалар билан боғлиқ дисквалификация туфайли ўтказиб юборади. "Пахтакор"да эса бундай йўқотиш мавжуд эмас.
"Шерлар" бугун 15:30да Тошкентдан Дохага жўнаб кетишади. Эртага ўйин олди тадбирлари ташкил этилади ва жамоа расмий машғулот ўтказади.