Чемпионлар Лигаси 3-турида "Пахтакор" Қатар чемпиони "Ал Садд" билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ҳужумларга бой учрашувда ишқибозлар ажойиб футбол гувоҳига айланишди. Ҳар икки жамоа чиройли ҳаракатлар билан мухлисларга хурсандчилик улашишди. 6-дақиқада Хави 16 метрлардан дарвозанинг чап юқори бурчагига аниқ зарба йўллади. Орадан 3 дақиқа ўтмасдан Алижонов суперголи билан мувозанатни тиклади. Рақиб ҳимоячисидан қайтган тўпни Ҳожиабар жуда кучли зарба ёрдамида дарвозага "михлаб қўйди" - 1:1.
16-дақиқада Хави яна қатарликларни олдинга олиб чиқди. У 22 метрлардан белгиланган жарима зарбасидан тўпни дарвозага аниқ йўллади. Ушбу голдан кейин устунлик тўлиғича "Шерлар" тарафига ўтди. Абдуллаев ва Машариповнинг зарбаларига аниқлик етишмади. 41-дақиқада эса Машарипов ҳамда Черан ижросидаги ажойиб ҳужумни Драган боши билан берган аниқ зарбаси билан якунлади - 2:2.
Иккинчи бўлимда ҳар икки жамоада қулай имкониятлар юзага келди. Черан ва Сайфиев қулай вазиятларда аниқ зарба бера олишмаган бўлса, Афифнинг кучли зарбасидан сўнг тўпни Қувватов қайтариб қолди. 83-дақиқада рақиблар дарвозага кириб кетаётган тўпни чизиқдан қайтариб юборишди. Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади. 2:2 ҳисобида дуранг ўйнаган "Пахтакор" гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолди.
"ПАХТАКОР" - "АЛ САДД" - 2:2 (2:2)
9 апрель. "Пахтакор" стадиони. 32315 томошабин.
Ҳакамлар: Фу Минг (Хитой), Муҳаммад Му Ази (Малайзия), Ванг Дексин (Хитой), Чен Хсин Чуан (Хитой Тайпейи).
Назоратчи: Майкл Ханнаниа (Фаластин).
Комиссар: Кемел Токабаев (Қирғизистон).
"Пахтакор": Қувватов, Сайфиев, Козак, Аъзамов, Алижонов, Абдуллаев (Собирхўжаев, 69), Ҳамробеков, Машарипов, Черан, Ҳамдамов (Сидиқов, 88), Сергеев (Бикмаев, 65).
"Ал Садд": Мешаал Баршам, Педро Корреа, Ҳамид Исмоил, Тариқ Салман, Ёсир Иса (Ҳассан Ал Ҳайдос, 60), Жун Вуу Ён (Салим Ал Ҳажри, 76), Хави (Али Асадилла, 82), Габи, Буалим Хухи, Акрам Афиф, Бағдод Бунайжи.
Голлар: Хави, 6 - 0:1. Алижонов, 9 - 1:1. Хави, 16 - 1:2. Черан, 41 - 2:2.
Огоҳлантиришлар: Педро Корреа, 32. Ҳамдамов, 44. Акрам Афиф, 48.