Суперлиганинг 3-турида Егор Кримецнинг охирги дақиқаларда урган голи "Шерлар"га ғалаба келтирди.
Ўйин бошида устунликка эга бўлган жамоамиз 12-дақиқада ҳисобни очди. Машарипов ҳужумга ўтган пайтда "Насаф" ҳимоячиси тўпни қўли билан ўйнагани учун пенальти белгиланди. Ундан Бикмаев унумли фойдаланиб, чемпионатда биринчи голини нишонлади. Бўлим охирига қадар Машарипов ва Абдуллаевнинг аниқ зарбаларидан сўнг Эргашев тўпни қайтарди. Меҳмонлардан Давлатовнинг уринишини Қувватов бартараф этди.
Иккинчи бўлим бошида ҳимояда йўл қўйилган хатодан сўнг ҳисоб тенглашди. Козак тўпни қайтариш чоғида уни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Шундан сўнг жамоалар очиқ футбол намойиш этишга тушишди. Ҳар икки жамоа аъзолари бир қатор қулай имкониятларга чиқиб боришди. Ҳакам томонидан қўшилган 3-дақиқада Комиловнинг зарбасидан кейин тўп устунга тегиб қайтгач, Бикмаев давом эттирган ҳужумни Кримец самарали якунлади - 2:1. Қийин ғалабадан сўнг "Пахтакор" чемпионатда йўқотишларсиз давом этмоқда.
"ПАХТАКОР" - "НАСАФ" - 2:1 (1:0)
5 апрель. "Пахтакор" стадиони. 14670 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов, Т.Гайнулин, Р.Фозилов, Р.Каримов.
Назоратчи: А.Абдуллаев.
Комиссар: Ш.Ражабов.
"Пахтакор": Қувватов, Комилов, Козак, Кримец, Сайфиев, Абдуллаев (Собирхўжаев, 69), Ҳамробеков, Машарипов, Сидиқов (Ҳамдамов, 77), Яхшибоев (Черан, 58), Бикмаев.
"Насаф": Эргашев, Ғайбуллаев, Муртазоев, Маннонов (Саидов, 76), Нарзуллаев, Давлатов, Абдураимов, Кенжабоев (Бозоров, 64), Рашидхонов (Мозговой, 57), Мухторов, Эшмуродов.
Голлар: Бикмаев, 12-пен - 1:0. Козак, 54-авт - 1:1. Кримец, 90+3 - 2:1.
Огоҳлантиришлар: Абдуллаев, 14. Яхшибоев, 31. Саидов, 90+5. Мухторов, 90+6.