Суперлиганинг 2-турида мухлислар “Бунёдкор” ва "Пахтакор" ўртасидаги яна бир Тошкент дербисига гувоҳ бўлишади.
Ўзбекистонда энг кўп чемпионлик унвонларига эга чиққан жамоалар чемпионатларда ҳозирга қадар 26 бор тўқнаш келишган. "Шерлар" 9 беллашувда зафар қучишган, 8 ўйинда "Бунёдкор" ғолиб чиққан. Жамоамиз рақиб дарвозасига 27 гол уриб, 26 тўп ўтказиб юборган. Меҳмондаги учрашувларда "Пахтакор" 3 ғалаба, 3 дуранг ва 7 мағлубиятни қайд этган. Ўтган мавсумда дастлаб 0:1 ҳисобида енгилган "Шерлар" иккинчи босқичда "Бунёдкор"дан сафарда 2:0 ҳисобида устун келишган.
Жамоалар сафида дисквалификация сабабли йўқотишлар мавжуд эмас.
"Бунёдкор" ва "Пахтакор" ўртасидаги ўйин 31 март, якшанба куни "Пахтакор" стадионида соат 17:00да бошланади. Ишқибозларни дербида "Пахтакор"ни қўллаб-қувватлашга чақириб қоламиз!