Суперлига-2019ни жамоамиз уйда Тошкент дербиси билан бошлайди.
Биринчи турда жамоамиз Тошкент дербисида "Локомотив"га қарши майдонга тушади. Ушбу жамоалар ўртасидаги тўқнашувлар охирги йиллларда чемпионатимиздаги энг кескин ўйинларга айланиб улгурди.
Мавсумни Чемпионлар Лигасида 4 учрашув билан бошлаган "Шерлар" энди Суперлигада ҳам муваффақиятли юриш учун бор кучларини беришга тайёр ҳолатда туришибди.
Чемпионатлар доирасида клублар 30 бор тўқнаш келишган. "Шерлар" 17 беллашувда зафар қучишган, 6 ўйинда "Локомотив" ғолиб чиққан. 7 учрашувда жамоалар дуранг ўйнашган. “Пахтакор” 62 гол уриб, дарвозасидан 30 тўп олиб чиққан. Бу сафар чемпионлик учун даъвогарлардан бири асосий рақибидан илк турдаёқ ўзиб кетиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
Ўз майдонидаги ўйинларда “Пахтакор” 9 ғалаба, 3 дуранг ва 3 мағлубиятни қайд этган.
2006 йил “Пахтакор” ўз майдонидаги учрашувда 7:1 ҳисобида зафар қучган. Бу ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижа саналади.
Беллашувни дисквалификация сабабли жамоамиздан Марат Бикмаев ўтказиб юборади.
"Пахтакор" ва "Локомотив" ўртасидаги учрашув 16 март, шанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:00да бошланади.