ПФЛ 2018 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимини ўтказди.
Унга кўра, "Пахтакор"нинг бразилиялик легионери Тиаго Безерра 2018 йил Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб тан олинди. Овоз бериш якунларига кўра, Тиаго бошқалардан ўзиб кетишга эришди. Безерра мавсум давомида жами 21 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилиб, 9 марта жамоадошлари гол уришида бевосита иштирок этди. Шунингдек, Суперлига ўйинларида 17 гол билан мавсум тўпурарига аталган соврин ҳам Тиагоники бўлди. У айни пайтда Бразилияда таътилда бўлгани сабабли мукофотларни "Пахтакор" спорт директори Жаъфар Ирисметов қабул қилиб олди.
Маросимдан сўнг Тиагонинг фикри билан қизиқдик.
- Мен жуда бахтлиман. Шахсий кўрсаткичлар бўйича яхши йил бўлди, аммо "Пахтакор" билан чемпионат ва кубокда зафар қуча олмадик. Совринлар юта олмаганизга қарамай, жамоа сифатида мавсумни яхши ўтказдик, ўсишга эришдик. Жамоа билан яхши даражага чиқиб бормоқдамиз.
Энг яхши футболчи ва тўпурарга айланиб, икки совринга эга чиққанимдан бахтиёрман. Бизга ишлашимизда ёрдам бераётган ҳар бир ходимга катта раҳмат айтаман.