Суперлиганинг 26-турида мухлислар “Пахтакор” ва "Локомотив" ўртасидаги Тошкент дербисига гувоҳ бўлишади.
Мазкур ўйин чемпионлик сари шиддатли кураш олиб бораётган икки жамоа ўртасидаги кескин тўқнашувга айланади. Сўнгги тўрт мавсумда ҳар икки клуб икки мартадан чемпионликни қўлга киритишди. Шу сабабли бу сафарги уч очконинг қадри янада баландроқ десак муболаға бўлмайди. "Пахтакор" ғалаба қозонган тақдирда турнир жадвалида пешқадамликка эга чиқади.
Чемпионатлар доирасида клублар 28 бор тўқнаш келишган. "Шерлар" 17 беллашувда зафар қучишган, 4 ўйинда "Локомотив" ғолиб чиққан. 7 учрашувда жамоалар дуранг ўйнашган. “Пахтакор” 59 гол уриб, дарвозасидан 24 тўп олиб чиққан. Айни пайтда жамоаларни уч очколик фарқ ажратиб турибди. Жорий мавсум чемпионат доирасида ҳар икки беллашувда дуранг натижа қайд этилган.
Ўз майдонидаги ўйинларда “Пахтакор” 9 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубиятни қайд этган.
2006 йил “Пахтакор” ўз майдонидаги учрашувда 7:1 ҳисобида зафар қучган. Бу ўзаро ўйинлар тарихидаги энг йирик натижа саналади.
"Пахтакор" ва "Локомотив" ўртасидаги учрашув 20 октябрь, шанба куни "Пахтакор" стадионида соат 18:00да бошланади.