Клуб янгиликлари

"Сталь" жамоаси "Пахтакор-79" хотирасини ёд этди

Клуб янгиликлари

Украина Премьер-лигаси иштирокчиси "Сталь" клуби аъзолари марҳум пахтакорчилар хотирасини ёд этишди.

1926 йил Днепродзержинск шаҳрида ташкил этилган ушбу клуб аввалги мавсумда ўзининг Украина Премьер-лигасида дебютини ўтказиб, 8-поғонани эгаллади. Жорий мавсумда ҳам жамоа 14 турдан кейин 8-ўринни банд этган.

1979 йилнинг 11 август куни "Пахтакор" Днепродзержинск шаҳри осмонида авиаҳалокатга учраган ва унда жамоамизнинг 17 нафар аъзоси ҳалок бўлган. 28 октябрь куни "Сталь" футбол клуби раҳбарияти, жамоа аъзолари ва фахрийлари "Пахтакор" аъзолари хотирасига бағишлаб Куриловка қишлоғида бунёд этилган хотира ҳайкалига ташриф буюришди. Қишлоқ йиғини вакили С.Гречановский "Сталь" аъзоларига машъум ҳалокат ва ҳайкалнинг қурилиши борасида маълумот бериб ўтди. Ёдга олиш маросимидан кейин "Сталь" президенти Вардан Исраелян маҳаллий "Пахтакор-Куриловка" жамоаси вакилларига клуб шарфларини совға қилди.


"Пахтакор" футбол клуби миллионлар ўйинидаги дўстлик, аҳиллик ва ҳамкорликни ҳамиша қадрлайди. "Сталь" футбол клубига "Пахтакор-79" жамоаси аъзоларига кўрсатилган ҳурмат ва эҳтиром учун катта миннатдорчилик билдирамиз ва ушбу жамоага омад тилаб қолади.