"Пахтакор" бош мураббийи "Бухоро" билан ўтажак учрашув ҳақида саволларга жавоб берди.
Жамоа ўйинга қанчалик тайёр?
- Ҳозир яна ҳар тўрт кунда майдонга тушишимизга тўғри келмоқда. Шунга қарамай, йигитлар машғулотларда бор кучларини беришмоқда. Айни пайтда биз жисмонан яхши ҳолатдамиз. Ўйинга тайёргарлик юқори кайфиятда олиб бориляпти. Суперлига ва Ўзбекистон Кубогида олдимизга энг юқори мақсадларни қўйганмиз. Шу сабабли ҳар бир учрашувга тўлиқ ҳозир бўлишимиз лозим. Бу ёғига барча ўйин кескин ва шиддатли кечади.
Рақиб ҳақида нима дея оласиз?
- Бизнинг "Бухоро"га қарши ўйинларимиз қизиқарли ўтиб келмоқда. Улар ҳар бир жамоага муносиб қаршилик кўрсатишга уринишади. Биз эса ўз ўйинимизни намойиш қилишга уринамиз. Ҳужумкор футбол кўрсатиб, беллашувни назорат қилишга интиламиз.
Ишқибозлардан бизни муҳим паллаларда янада фаолроқ қўллаб туришни сўраймиз. Биз уларга чиройли ўйин ва ғалаба билан хурсандчилик тақдим этишга интиламиз.