"Пахтакор" Суперлиганинг 22-турида "Насаф" билан кечадиган учрашувга ҳозирлик кўришга киришди.
Сешанба куни машғулот "Жар" стадионида ўтказилди. Футболчилар доимгидек мураббийлар штаби томонидан тузилган дастур асосида ишлашди. Тикланиш машқларини Қўқондаги беллашувда майдонга тушган футболчилар бажаришган бўлса, қолган ўйинчилар одатий юкламалар билан меҳнат қилишди. Мураббийлар ихтиёридаги барча футболчи машғулотда иштирок этди.