"Пахтакор" бош мураббийи "Металлург" билан ўйин ҳақида фикрларини айтиб ўтди.
- Жуда ҳам тиғиз тақвим ва ҳавонинг иссиқлиги туфайли айни пайтда футболчиларга жуда қийин. Биз қанчалик тайёргарлик кўрмайлик, барибир ёзнинг чилласида футбол ўйнаш осон эмас. Умид қиламизки, тез орада ҳаво ҳарорати тушади. Ўйинда яхши ҳаракат қилдик, аммо камчиликлар ҳамон бор. Ҳужумларни якунлашда, сўнгги пас ва якуний зарбани беришда оқсаяпмиз. Натижадан кўнглим тўлди. Шундай иссиқ ҳавода 90 дақиқа яхши ўйнаган футболчиларимга раҳмат айтаман. Ҳеч ким майдонда ҳаво ҳарорати сабаб ётиб қолмади. Исмоил Гонсалвеш ўйинга яхши киришиб кетди. У қанотда тўп тепувчи бўлиб ҳам ўйнай олишини кўрсатди. Рақиб ҳам жиддий қаршилик кўрсатишга уринди. Биз хатоларимизни тузатиш устида ўйлашда давом этамиз.