Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан "Пахтакор" ўйинчилари руҳий асаб хасталигига учраган болаларни бориб кўришди.
Камолиддин Тожиев, Александр Лобанов ва Тиаго Безерра ҳамда клуб ходимлари Умар Қурбонов номидаги болалар руҳий асаб касалликлари шифохонасига ташриф буюришди. Бугунги кунда 250 нафар бола шифо топаётган касалхонада футболчилар билан учрашув ўтказилди. Унда болалар ўзларини қизиқтирган саволларга футболчилардан жавоб олишди. Бунга жавобан "Пахтакор" сардори Камолиддин Тожиев уларга саломатлик тилаган ҳолда клуб томонидан совғаларни тақдим этди.
"Пахтакор" футбол клуби бу ерда шифо топадиган болалар учун сунъий қопламали футбол майдони совға қилди. Энди болалар касалхонанинг ўзида футбол ўйнаш имкониятига эга бўлишади.