"Бунёдкор" билан Тошкент дербисидан кейин "Пахтакор" бош мураббийи беллашув хусусида фикрларини айтиб ўтди.
- Биринчи ўринда мухлисларга ташаккур айтаман. Бугун стадионда ажойиб муҳит ҳукмронлик қилди. Ниҳоят Тошкентга ҳақиқий футбол қайтаётганидан хурсандман. Чунки футбол аввало улар учун ва ишқибозларсиз футбол ўйнашдан маъно йўқ. "Пахтакор" мухлисларни футболга қайтариш учун барча ишни амалга оширмоқда.
Ўйин давомида жамоалар таваккалга қўл уришни исташмади. Биринчи тайм бизнинг назоратимиз остида ўтди. Бир неча вазиятлар яратдик. Иккинчи бўлимда ташаббусни рақибга берган ҳолда қарши ҳужум тактикасидан ҳам фойдаланмоқчи бўлдик. Натижадан кўнглим тўлди. Муҳим ўйинда ғалаба қозондик. Дербидаги ғалаба доим ёқимли бўлади.