"Пахтакор" "PEPSI Суперлига"нинг 12-тур ўйинида Жиззахда "Сўғдиёна"га қарши майдонга тушади.
15 май куни "Пахтакор" иккинчи давра баҳсларини Жиззахдаги беллашув билан бошлайди.
Пешқадамликни давом эттираётган жамоамиз учун ҳар бир учрашув муҳим аҳамият касб этади. Беллашувни дисквалификация сабабли ўтказиб юборадиган футболчилар жамоалар сафида мавжуд эмас.
Чемпионатлар тарихида жамоалар 44 бор куч синашишган. 36 учрашувда "Шерлар" ғолиб бўлишган. 4 мартадан дуранг ва рақиб муваффақияти кузатилган. 115 бор "Сўғдиёна" дарвозасини ишғол қилган жамоамиз 37 гол ўтказиб юборган.
Жиззахдаги 22 ўйиннинг 16тасида "Пахтакор" зафар қучган. Мезбонлар ҳисобида уч ғалаба мавжуд. Учта беллашувда кучлар тенг келган. Меҳмонда сўнгги тўрт ўйинда жамоамиз кетма-кет ғалаба қозонган.
"Сўғдиёна" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги учрашув 15 май, сешанба куни 18:00да "Сўғдиёна" стадионида бошланади.