Клуб янгиликлари

"Пахтакор" Суперлигани ғалаба билан бошлади

Клуб янгиликлари

"Шерлар чемпионатда ишончли ғалаба билан старт олишди.

Учрашувдан аввал "Пахтакор" стадионида мавсумнинг очилишига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди. "Пахтакор"нинг суперлигадаги иштирокини жамоамиз афсонаси, ўйинлари билан бутун МДҲга танилган Биродар Абдураимов тўпни рамзий ўйинга киритиши билан бошлаб берди. 

Беллашувда жамоамизнинг устунлиги сезилиб турди. Биринчи бўлимда Гонсалвеш ва Гриффитснинг уринишлари жуда хавфли чиқди, лекин ҳар икки ҳолатда рақиб футболчилари тўпни қайтариб юборишга улгуришди. Меҳмонлардан Каримовнинг жаримадан тепган тўпи тўсинга тегиб қайтди.

Иккинчи бўлим бошидан кетма-кет кескин ҳужумлар уюштирган "Пахтакор" тез орада олдинга чиқди. Бурчак зарбаси ўйинга киритилгач, Безерра рақиб билан тўп учун курашди ва Аъзамов яқин масофадан гол муаллифига айланди. Бу Шерзоднинг жамоамиз таркибида урган биринчи голи бўлди.

Ташаббусга эришган "шерлар" 82-дақиқада орадаги фарқни оширишди. Машариповга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Гонсалвеш унумли фойдаланди.

Мазкур натижа ўйин охиригача ўзгармади. "Пахтакор" мавсумни муваффақият билан бошлади.

"ПАХТАКОР" - "СЎҒДИЁНА" - 2:0 (0:0)
2 март. "Пахтакор" стадиони. 15026 томошабин.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Симич, Аъзамов, Шораҳмедов, Гриффитс, Искандеров (Раҳматуллаев, 46), Машарипов (Иброҳимов, 90+1), Абдураҳимов, Безерра (Яхшибоев, 86), Гонсалвеш.
"Сўғдиёна": Ҳамроев, Исроилов (И.Абдуллаев, 81), Орифов, Каримов, Ҳасанов (Маликжонов, 66), Азимов, Норхонов, Зиёвиддинов, Холмуродов, Абдумўминов, Шамсиддинов (Қулматов, 58).
Голлар: Аъзамов, 50 - 1:0. Гонсалвеш, 82-пен - 2:0.
Огоҳлантиришлар: Симич, 43. Ҳасанов, 59. Гриффитс, 78.