Бугун ўзбек футболи журналистикаси фахрийси Ахбор Имомхўжаев 82 ёшни қарши олмоқда.
Ахбор Рустамович нафақат журналист, балки футболда турли соҳаларда фаолият кўрсатган инсондир. У ҳакамлар қўмитасида ишлаган вақтда Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками Равшан Эрматов Ўзбекистон олий лигасида дебютини ўтказганди. Республика миқёсида ҳакамлик қилишдан ташқари у жисмоний тарбия фанидан дарс ҳам берган.
"Пахтакор" - унинг ўзгача муҳаббати. 1979 йил августда рўй берган даҳшатли фожиани бошидан ўтказган. 1989 йил жамоа бошлиғи лавозимида ишлаган. 1956 йил "Пахтакор" иштирокидаги учрашувни у радио орқали шарҳлаб борган ва юртимизда биринчи футбол овозига айланган.
Унинг оиласи футбол билан чамбарчас боғлиқ. Ўғиллари Аброр ва Зафар футболни ёқтиришади ва турли ташкилотларда миллионлар ўйини соҳасида иш юритишган, юритиб келишмоқда. Аброр Имомхўжаев клубимизда 1990-йилларда ишлаган. Унинг невараси Диёр ҳам футбол журналистига айланди. Имомхўжаевлар оиласи миллий футбол равнақига ҳисса қўшиб келишмоқда.
Ахбор Имомхўжаев «Футбол – қувончим, дардим, фахрим» (1996), «Мафтунингман, футбол» (2004) каби китоблар муаллифи ҳисобланади.
"Пахтакор" футбол клуби Ахбор Рустамовични туғилган куни билан муборакбод этади. Унга мустаҳкам саломатлик, ижодий фаолиятида янги муваффақиятлар тилаймиз.