Дубайдаги йиғиннинг учинчи кунида "шерлар" биринчи назорат учрашувида майдонга тушишди.
Рақиб БАА юқори лигасида иштирок этувчи "Ал-Дафра" клуби бўлди. Ушбу жамоага январь ойидан Игорь Сергеев қўшилганди. Игорь дастлабки дақиқалардан жамоамизга қарши беллашувда майдонга туширилди.
"Жебел Али" спорт мажмуасида ўтказилган ўйин маҳаллий вақт билан 16:00да бошланади. Шота Арвеладзе дастлабки учрашувда 11 нафар футболчини алмаштирмасдан ўйнатишга қарор қилди. Беллашув "Пахтакор"нинг сезиларли устунлиги остида кечди. Гриффитс ва Аҳмедовнинг зарбаларига озроқ аниқлик етишмади. 28-дақиқада Сайфиев чап қанотдан бошлаган ҳужумни давом эттирган жамоамиз ҳисобни очди. Гриффитс якуний зарбани аниқ берди - 1:0. Бир неча дақиқадан кейин Абдураҳимовнинг уриниши самарасиз чиқди.
Иккинчи бўлимда ҳам устунлигимиз сезилиб турди. 80-дақиқада Абдураҳимовнинг бир рақибни алдаб ўтиб оширган тўпини Гонсалвеш яқин масофадан дарвозага йўллади ва ҳисобни 2:0га етказди. Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади.
"ПАХТАКОР" - "АЛ-ДАФРА" - 2:0 (1:0)
17 февраль. Дубай. "Жебел Али" майдони.
"Пахтакор": Суюнов, Сайфиев, Аъзамов, Тожиев, Шораҳмедов, Гриффитс, Аҳмедов, Машарипов, Абдураҳимов, Безерра, Гонсалвеш.
Голлар: Гриффитс 28, Гонсалвеш 80.
Майдонга туширилган футболчилар махсус жисмоний тест топширишди. Ўйинчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори даражага чиқариш учун шундай машқлар танадаги ўзгаришларни назорат қилувчи махсус аппаратлар ёрдамида бажарилмоқда.
Кун якунида 17 февраль куни туғилган кунини нишонлаган Тиаго Безерра ва Дилшод Раҳматуллаев жамоа томонидан табрикланди. Шундай қилиб, "Пахтакор"нинг БААдаги учинчи куни якунланди.