"Шерлар" дастури 16 февраль куни икки маҳал машғулотдан иборат бўлди.
Куннинг биринчи ярмида футболчиларнинг бир гуруҳи Ласло Ямбор қўл остида "The Meydan" меҳмонхонаси фитнес залида шуғулланишди. 13 нафар ўйинчи бир ярим соатга яқин вақт мобайнида жисмоний имкониятларни ўстиришга мўлжалланган машқларни бажаришди.
Кечки машғулот эса "Над Ал Шеба" мажмуаси майдонида бўлиб ўтди. Майдонга тушган футболчилар дастлаб Гоча Ткебучава бошчилигида озроқ қизишиб олишди. Кейин
эса тезлик билан тўпни бир-бирларига етказиб бериш, кичик ҳудудда рақиб босимидан чиқиб кетиш учун турли ҳолатлар устида машқ қилинди. Навбатдаги икки машқда уч футболчи икки рақибга тезкор ҳужум уюштириш ва ҳужумни зарба билан якунлаш, шунингдек, ўйиндаги турли тактик вазиятларда қандай йўл тутиш каби ҳолатларга эътибор қаратилди.
Иккинчи кунги машғулот тўпни қанотдан жарима майдонига ошириб бериш ҳамда жарима зарбасидан тўпни дарвозага йўллаш машқлари билан якунланди.
17 февраль куни "Пахтакор" БАА йиғинидаги биринчи назорат беллашувини маҳаллий "Ал-Дафра" жамоасига қарши ўтказади. Ўйин "Жебел Али" мажмуаси стадионида Тошкент вақти билан 17:00да бошланади.