Олий лиганинг 21-турида жамоамиз Бекободда "Металлург" меҳмони бўлади.
"Металлург" жорий мавсумда жуда яхши ўйин намойиш қилиб, чемпионатнинг энг барқарор клубларидан бирига айланди. Етакчи клубларга қарши учрашувларда бекободликлар мазмунли ўйинлари билан илиқ таассурот қолдиришяпти. Ўйинда жамоамиз ярим ҳимоячиси Жавоҳир Соҳибов дисквалификация сабабли майдонга тушмайди.
Қарама-қаршилик
Олий лига тарихида клублар 37 бор тўқнаш келишган. "Пахтакор" ўзаро ўйинларда яққол устунликка эга. 30 ўйинда "шерлар", 3 баҳсда "Металлург" ғалаба қозонган. 4 беллашув дуранг билан тугаган. Жамоамиз 100 бор рақиб дарвозасини нишонга олган бўлса, Бекобод клуби 29 гол уришга эришган. Рақиб ўз уйида 2013 йил охирги ғалабасига эришган. Ўшанда мезбонлар 2:0 ҳисобида ғолиб бўлишган.
Ўйин расмийлари
ПФЛ учрашувни бошқариб борадиган ҳакамлар гуруҳини эълон қилди. Шерзод Қосимов бошчилигидаги ҳакамлар Бекободдаги ўйинда ишлашади.
"МЕТАЛЛУРГ" - "ПАХТАКОР"
Ҳакамлар: Шерзод Қосимов (Тошкент), Фарруҳ Ёрмуҳаммедов (Тошкент), Баҳодир Баҳромов (Тошкент), Наим Қосимов (Қарши).
Назоратчи: Александр Попов (Тошкент).
ПФЛ вакили: Валерий Лёткин.
Ёшлар жамоалари учрашуви 8 сентябрь, пайшанба куни соат 16:30да бошланади. Асосий таркиблар тўқнашуви 9 сентябрь, жума куни соат 16:45да "Металлург" стадионида старт олади.