Олимпия терма жамоамиз Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Хитойда ўтказилган 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат Осиё чемпионати финалида Вьетнамга қарши майдонга тушган Равшан Ҳайдаров шогирдлари 2:1 ҳисобида зафар қучишди. Рустам Ашурматовнинг голига рақиблар жавоб қайтаргач, ўйин қўшимча бўлимларда давом эттирилди. 119-дақиқада Андрей Сидоров футболчиларимизга қитъа чемпионлигини келтирган тўпни дарвозага йўллади.
Олимпия терма жамоаси таркибида "Пахтакор" вакиллари - Ботирали Эргашев, Ҳожиакбар Алижонов, Ҳусниддин Ғофуров, Аббос Отахонов, Андрей Сидоров, Жасур Яхшибоев, Суҳроб Нуруллаев ва Забиҳилло Ўринбоев тарихий ғалабага ўз ҳиссаларини қўшишди.
Ушбу муваффақият билан "Пахтакор" футбол клуби раҳбарияти, Шота Арвеладзе бошчилигидаги мураббийлар штаби ва жамоа номидан Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясини табриклаймиз!