Туркия йиғинидаги охирги назорат ўйинида жамоамиз "Вардар"ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувда "Пахтакор"нинг устунлиги сезилиб турди ва иккинчи бўлимда урилган голлар беллашув ғалабамиз билан тугашини таъминлади. Танаффусга қадар рақиб посбони жамоамиздан Ҳакимов, Аъзамов ва Аҳмедовнинг уринишларини бартараф эришга муваффақ бўлди.
Иккинчи бўлимда захирадан туширилган футболчилар македонияликлар дарвозасини ишғол этишди. Дастлаб Иброҳимов аниқ зарбаси билан ҳисобни очган бўлса, орадан кўп ўтмасдан Канюк яқин масофадан орадаги фарқни иккитага етказди. Шундай қилиб, Туркиядаги охирги назорат учрашувида "Вардар" 2:0 ҳисобида доғда қолдирилди.
"Пахтакор" Туркияда ўтган йиғинни якунлади ва 22 январдан тайёргарликни Тошкентда давом этиради. Белекда "Тургутлуспор" (3:0), "Амедспор" (2:0), "Партизани" (3:1) ва "Вардар" (2:0)га қарши назорат ўйинлари ўтказилганини эслатиб ўтамиз.
"ПАХТАКОР" - "ВАРДАР" - 2:0 (0:0)
"Пахтакор": Лобанов (Суюнов, 46), Козак (Сайфиев, 46), Симич, Аъзамов (Тожиев, 84), Шораҳмедов, Раҳматуллаев (Канюк, 77), Аҳмедов (Исматуллаев, 65), Машарипов, Искандеров, Абдураҳимов (Иброҳимов, 65), Ҳакимов (Ғанихонов, 77).
Голлар: Иброҳимов 76, Канюк 83.