"Пахтакор" жамоаси марҳум ҳужумчиси Владимир Собиров бундан 60 йил аввал дунёга келганди.
Ҳужумчи Собиров клубга 1975 йил Герман Титов номли Республика спорт-интернатини тамомлагач келиб қўшилганди.
"Пахтакор" ёшлар жамоасида икки йил ўйнагандан кейин Хоразмнинг "Хонқа" клубига кўчиб ўтди.
1979 йил селекционер-мураббий Идгай Тазетдиновнинг таклифи асносида Владимир Собиров "Пахтакор"нинг асосий жамоаси шарафини ҳимоя қилишни бошлади.
У 1979 йил 11 август куни авиаҳалокатга учраган жамоа таркибида энг ёш учинчи футболчи эди. Сирожиддин Бозоров ва Равиль Агишев ундан ёшроқ эди холос. Ҳалокат фаолияти чўққисида бўлган Владимир Собировнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлди. Қолаверса, бир ёшли Олег отасиз қолди. Олег кейинчалик Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари сафида майдонга тушди.
"Пахтакор" футбол клуби фожиали равишда ҳалок бўлган Владимир Собиров хотирасини ёд этади ва унинг клубимизда қисқа, лекин ёрқин фаолиятини ҳурмат қилади.