Жамоамизга ижарадан қайтган ярим ҳимоячи Жалолиддин Машариповнинг чемпионат ўтказилиш формати ва бошқа ўзгаришлар хусусида фикрларидан баҳраманд бўлинг.
- Янгиланган олий лига, яъни супер лига ҳақида нима дейсиз?
- 2019 йилнинг бошида БААда Осиё Кубоги бўлиб ўтади. Айни пайтдаги орзуим терма жамоа сафида БААда бўлиб ўтадиган Осиё Кубогида қатнашиш. Нима учун буни айтаяпман, футболчида истайсизми, истамайсизми қаршисидаги рақиб кучсиз бўлса, унда ўйинга хоҳиш катта бўлмайди. Қачон рақибингиз бир хилда кучли бўлса, ўйин олди тайёргарлигингиз ва ўша ҳафтада ўзингизга бўлган муносабатингиз бошқачароқ бўлади. Агар 2 давра якунидан кейин тепадаги 6та жамоа алоҳида чемпионат тарзда чемпионлик учун курашадиган бўлсалар, сўнгги икки ярим ойда биз умуман бошқача футбол кўрамиз. Ҳар бир ўйин сени чемпионлигин йўлидаги финал баҳсидек бўлса, жисмоний тайёргарликни ҳам футболчи меъёрида ушлаб боради. Менимча, чемпионатни сўнгги 10та тури терма жамоага ким муносиб эканига ойдинлик киритиб беради.
- Юқоридаги 6 жамоа майли, қуйидагилар учун ўйинлар шунчаки бўлиб қолмайдими?
- Нега? Ҳозир кўп жамоалар мавсум бошидан беписандлик билан муносабатда бўладилар. Авваллари чемпионатни кучли ўнликда, кучли саккизликда якунлайман деган мақсадларни кўп ўқирдик. Мана энди росмана кучли олтилик бўлади. У ерга чиқа олмаганлар энди пастроқда чемпионатда қолиш учун бахс олиб борадилар. Энди ким кучли мураббий бўлса, ўшанинг жамоаси юқорида бўлади. Буни тан олиш керак, 2-3та жамоани ҳисобга олмасангиз, деярли барча жамоанинг кучи тенг.
- Супер лигани янада ривожланишига нима керак бўлади деб ўйлайсиз?
- Истардим-ки, ҳар бир ўйин Чемпионлар лигаси руҳида бўлса. ОЧЛ ўйинларида майдонга тушсангиз, унга бўлган муносабатни ўзига ўйнаб юборгингиз келади. Чемпионатимиз ҳам шундай ўтса зўр бўларди. Телевидение ҳар бир ўйинларимизни жонли намойиш қилса, ҳеч бўлмаса чемпионлик босқичини. Ҳисобласангиз бор-йўғи 3та ўйин бўлади. ЎФФ трансляция борасида ҳам жиддий бош қотираётганини эшитиб хурсанд бўлдим.
ЎФФ президенти футболчилар ва жамоаларнинг интизомига эътибор оширмоқда. Бу ўйин давомида ўзимизни тартибли тутишимизни таъминлаш учун қаратилган мақсад. Учрашувларни ўтказиш учун шароитларни яхшилаш бизга чиройлироқ ўйин кўрсатишда ёрдам беришига ишонаман.
Шунингдек, ЎФФ ҳамда ПФЛ томонидан ишлаб чиқилган нормативлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини мавсумда яхши спорт формасида бўлишини таъминлайди ва бу биз учун албатта фойдали. Нормативлар футболчилар учун қийинчилик туғдирмайди, шунчаки уни топширишлари учун, натижа яхши бўлиши ҳаракат қилиш керак. Биз мавсум давомида ушбу тестлардан доим ўтамиз ва биз учун нормал ҳолат. Ўйлайманки, бу биз учун фақат фойда беради, - дейди Машарипов.