Чемпионлар лигаси плей-оффидаги рақибимиз кеча мавсумдаги биринчи совринига эга чиқди.
Қатар "Юлдузлар Лигаси" Кубоги финалида "Ал-Райян"га қарши майдонга тушган "Гарафа" 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Луис Хименес, Амро Абдулфаттоҳ ва Аҳмад Аълоалдин томонидан киритилган уч тўп Жан Фернандес шогирдларига кубок соҳибига айланиш имконини берди. Биринчи марта ушбу мусобақада 2009 йил ғолиб чиққан "Гарафа" кеча иккинчи бор кубок соҳибига айланди.
"Гарафа" ярим ҳимоячиси словакиялик Владимир Вайсс Дохадаги "Аспетар" тиббий марказида тиззасидан операция қилинди ва мавсум охиригача сафдан чиққани маълум қилинди. Шу тариқа у 30 январь куни "Пахтакор"га қарши ОЧЛ плей-офф ўйинини ўтказиб юборади.