Бразилиялик ярим ҳимоячи иккинчи давранинг ўзида 12 гол урилишида иштирок этди.
У 14 учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 4 бор ишғол қилишга эришди. Биринчи тўпини киритиш учун Тиагога 168 дақиқа зарур бўлди. Ўшанда у Тошкентда "Нефтчи" дарвозасига гол урганди. 6:0 ҳисобида жамоамиз ғалабаси билан якунланган беллашувда Безерра 9 дақиқа оралиғида дубл қайд этганди.
Бразилиялик футболчи 8 марта жамоадошлари гол уришига кўмаклашиб юборди. Ушбу кўрсаткич борасида 2017 йилги мавсумда "Пахтакор"да энг яхши натижа соҳибига айланди.
Тўп оширишдаги аниқлик кўрсаткичи 76 фоизни ташкил қилди. Бир ўйинда ўртача рақибларни алдашга 8 марта уринган ва улардан 5тасида муваффақиятли ҳаракатни амалга оширган. Бу ҳужумкор ўйинчи учун жуда яхши натижа ҳисобланади. Рақиблар билан тўп учун курашда 67 фоиз ҳолатларда устун келган.