26-турда "Пахтакор" қийин кечган беллашувда "Бунёдкор"дан 1:0 ҳисобида устун келди.
Биринчи бўлимда жамоамиз тўпни назорат қилишда яхши ўйнади, бироқ меҳмонлар ҳимоячилари қўпол хатога йўл қўйишмади. Шу сабабли дарвозаларга унчалик кўп зарба берилмади. Танаффусга жамоалар голсиз йўл олишди.
Иккинчи бўлим тўлиғича "Пахтакор" устунлиги остида кечди. Дастлаб Канюкнинг бурчакдан оширган тўпини Безерра боши билан дарвозага аниқ йўллай олмади. Бир оздан сўнг Симич жарима зарбасидан оширилган тўпни дарвозага йўллашга уринди, аммо Султонов тўпни қайтарди.
58-дақиқада Султонов ва ҳимоячи хатосидан кейин Канюк бўш қолган дарвозага ноаниқ зарба берди. 78-дақиқада Козакнинг узоқ масофадан берган хавфли зарбаси ноаниқ чиқди.
Ҳисоб 84-дақиқада очилди. Узоқ давом этган ҳужумдан кейин жарима майдонида Тожиев яқин масофадан аниқ зарба бериб, ҳисобни очди - 1:0.
Ушбу натижа ўйин охиригача ўзгармади. Шу тариқа жамоамиз Чемпионлар лигаси йўлланмаси учун курашни давом эттирмоқда.
"ПАХТАКОР" - "БУНЁДКОР" - 1:0 (0:0)
26 октябрь. Тошкент. "Пахтакор" стадиони. 5251 томошабин.
Ҳакамлар: А.Асимов - 7,8. А.Сидоров - 8. Д.Сайлавов - 4.
Назоратчи: Ф.Абдуллаев.
"Пахтакор": Лобанов, Козак, Симич, Тожиев, Алижонов, Исматуллаев (Аҳмедов, 87), Искандеров, Безерра, Яхшибоев (Нуруллаев, 73), Канюк (Каримов, 81), Сергеев.
"Бунёдкор": Султонов, Комилов, Ғофуров, Ашурматов, Аҳмадалиев, Иброҳимов, Шукуров (Умиров, 54), Қосимов (Шодиев, 86), Гадоев, Ҳамдамов, Нурматов (Норхонов, 71).
Гол: Тожиев, 84 - 1:0.
Огоҳлантиришлар: Нурматов, 63. Комилов, 68. Ашурматов, 68. Норхонов, 87. Аҳмедов, 88. Козак, 90+2.