Клуб янгиликлари

Нўъмон Ҳасанов: "Қийин вазиятга тушиб қолдик"

Клуб янгиликлари

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида жамоалар бош мураббийлари беллашув ҳақида фикрларини билдириб ўтишди.
 

Нўъмон ҲАСАНОВ ("Пахтакор" мураббийи): - Таркибдаги йўқотишлар қимматга тушди. Тожиев, Ҳошимов, Соҳибов ва Болтабоев жароҳатларини даволаш билан банд бўлишди. Уларни майдонга тушириб, таваккал қилолмасдик. Жавоб ўйинигача уларнинг яхши ҳолатга кириб олишига умид қиламан. Қийин вазиятга тушиб қолдик.
Биринчи бўлимда иккала жамоа ҳам ҳеч нарса кўрсатмади. Иккинчи бўлимда ҳам яхши ўйнамадик, футболчилар етарлича югуришмади ва ёмон ўйнадик. Ёш футболчиларимиз ҳозирча юқори ўйин суръатига тайёр эмас.
Искандеровнинг жароҳати таъсирини кўрсатмоқда. У марказда ҳужумларимизни ташкил этишда асосий футболчи эди.
 

Жамшид САИДОВ ("Бухоро" бош мураббийи): - Ўйин ва натижадан қониқиш ҳосил қилдим. "Бухоро" анчадан буён Тошкентда ғалаба қозонмаганди. Шу сабабли ғалабадан хурсандмиз. Олдинда жавоб учрашуви бор. Шу сабабли ҳушёрликни йўқотмаслигимиз лозим.
Мақсадимиз қарши ҳужумларда ўйнаш эди. Бу режамиз иш берди ва иккинчи бўлимда тўп киритишга эришдик. Ҳозир юқорироқ натижа кўрсатишга интиляпмиз. Жамоа тузиш осон эмас, ҳозир ўйинимиз унчалик яхши чиқмаяпти. Ҳар бир беллашувда ўйин сифатини кўтариб боришга интиламиз.