Стадион

"Пахтакор" Марказий стадиони
Қурилиш даври: 1954-1956
Очилган йили: 1956
Таъмирдан чиқарилган муддати: 1996, 2008, 2025
Чими: табиий
Меъмор: Митхат Булатов
Сиғими: 34000

"Пахтакор" Марказий стадиони 1956 йилда қуриб битирилган 1996 йил қайта таъмирланган. Дастлаб "Пахтакор" стадиони 55 минг томошабинга мўлжалланганди. 2008 йил стадион тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилди. Замонавий ўриндиқлар ўрнатилиб, ВИП ложаси қайтадан қурилди. Футболчилар, ҳакамлар ва мухлисларга имкон қадар яхши шароитлар муҳайё этилди. Стадион сиғими эса 34 мингга туширилди. Ўйин давомида ишқибозлар хавфли вазиятларни замонавий табло ёрдамида томоша қилиб боришлари мумкин.
"Пахтакор" стадиони 1954-1956 йиллар оралиғида Тошкент марказида ҳашар йўли билан қурилган. 11 август куни Анҳор ёқасида қад кўтарган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган ва унга республикамизнинг етакчи жамоаси каби "Пахтакор" деб ном берилган. Ўйингоҳ ўз бағрига 50 мингдан зиёд томошабинни тўплаб, туғилган кунини нишонлаган.
Янги стадионда биринчи учрашув 1956 йилнинг 20 августида бўлиб ўтган. 35 минг мухлис тошкентлик футболчиларнинг тбилисилик рақиблари билан баҳсини мириқиб кузатган. 19 сентябрда эса "Пахтакор" марказий аренаси дастлабки халқаро учрашувга мезбонлик қилган. Пахтакорчилар Албания пойтахти Тирананинг "Динамо" жамоаси билан куч синашиб, зафар қучишган.
ХХI аср аввалида клубда амалга оширилган ислоҳотлар марказий стадионга ҳам таъсир ўтказди. Ярим аср мобайнида спорт аҳлига астойдил хизмат кўрсатган арена  янгидан қурилди. Клуб раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан 2007 йилнинг июлидан капитал қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилиб, 2008 йил якунида қурилиш ишлари якунига етказилди.

Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида мухлисларнинг ўзини тутиш қоидалари

Мазкур қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган спорт иншоотларида футбол бўйича спорт мусобақалари ва томоша тадбирларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиш тартибини белгилайди.

 

I боб. Спорт иншоотига кириш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиши

1. Спорт иншоотига кириш вақтида томошабинлар (мухлислар):

спорт иншооти ҳудудига ва трибуналарига чипталар ёки кириш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатлар бўйича кириш ва спорт иншоотининг умумий сиғими доирасида уларда кўрсатилган жойларни эгаллаш;

спорт иншооти ҳудудида жойлашган сақлаш камералари, гардероблар, буфетлар, қаҳвахоналар, маълумотлар бюроси, телефонлар, киоскалар ва шу кабилардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

пластик сурнайлар, дастаси пластикдан бўлган байроқчалар, дастаси йўқ байроқлар, фотоаппаратлар, мобиль телефонларни спорт иншоотига олиб кириш ҳуқуқига эга.

2. Мухлисларнинг гуруҳларига спорт иншоотига ичи кавак (телескопик) дастали байроқларни ва барабанларни олиб келишга рухсат этилади. Бунда байроқнинг максимал ҳажми – 1 х 2 м, дастасининг максимал узунлиги – 1,2 м бўлиши керак.

3. Мухлисларнинг гуруҳлари спорт иншооти маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари билан келишган ҳолда катта футболка ва байроқларни бўш секторлар ва югуриш йўлакчаларига жойлаштириш, тўсиқларга баннер-транспарантларни осиб қўйишлари мумкин. Катта футболка, байроқлар, баннер-транспарантларда ҳақоратли ёзувлар, шунингдек қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид бошқа ёзувлар бўлмаслиги керак.

4. Спорт иншоотига кириш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) мажбуриятлари:

спорт иншоотига кириш жараёнида махсус назоратдан (текширувдан) ўтиш вақтини ҳисобга олган ҳолда спорт иншоотига тадбир бошлангунга қадар келиш;

спорт иншооти маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига чипталар, таклифномалар ёки тадбирга кириш ҳуқуқини берадиган рухсатномаларни кўрсатиш ҳамда уларнинг хавфсизлик ва тартибни сақлаш бўйича қонуний талабларини бажариш.

5. Томошабинлар (мухлислар) спорт иншоотига кириш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан махсус назоратдан (текширувдан) ўтказилади.

6. Томошабинларга (мухлисларга) қуйидагилар тақиқланади:

маст ҳолда спорт иншоотига кириш, спиртли ичимликларни олиб келиш, тамаки маҳсулотларини ёки бошқа маст қилувчи воситаларни спорт иншооти ҳудудида истеъмол қилиш;

ўзи билан ўқ отар қурол, тез ўт оладиган, портловчи, заҳарли, пиротехник, ўткир ҳидли моддаларни, санчадиган ёки кесадиган предметлар, чемоданлар, портфеллар, катта ўлчамдаги ўрамлар ва сумкалар, шиша идишларни, шунингдек бошқа томошабинларга ва тадбир ўтказишга берувчи бошқа буюмларни олиб келиш;

юз ёки тананинг бошқа қисмларини бўяш;

тадбирга жониворлар билан келиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғашга қаратилган, тадбир иштирокчилари ва бошқа томошабинларни ҳақорат қиладиган белги ёки тимсол ва ёзувларни олиб юриш ёки очиқ намойиш этиш;

тадбир иштирокчиларининг қадр-қимматини камситувчи ҳайқириқлар ёки ҳаракатлар қилиш.

7. Агар меҳмон жамоа мухлисларининг жойи учрашувни қабул қилаётган жамоа мухлислари тарафида бўлса, спорт иншооти маъмурияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари хавфсизликни таъминлаш мақсадида учрашувни қабул қилаётган жамоа мухлисларидан меҳмон жамоа мухлислари учун мўлжалланган секторга ўтишни талаб қилиши мумкин.

II боб. Футбол бўйича спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиши

8. Футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилаётган вақтда томошабинлар (мухлислар):

ноқулай об-ҳаво шароитида жамоани турган ҳолда қўллаб-қувватлашлари;

фото ва видеосъёмкани амалга оширишлари;

ўйин вақтида жамоани фаол ва уюшган ҳолда қўллаб-қувватлашлари;

қўллаб-қувватловчи шиор ва чақириқлардан фойдаланишлари;

футбол ва унинг натижаси билан боғлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.

9. Футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилаётган вақтда томошабинларнинг (мухлисларнинг) мажбуриятлари:

жамоат тартибига ва умумий қабул қилинган хулқ-одоб нормаларига риоя қилиш;

спорт иншоотининг жиҳозларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;

спорт иншоотига ташриф буюриш тартибига риоя қилиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш;

бошқа жамоаларнинг мухлисларига нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслик;

бошқаларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, атрофдагиларга хавф соладиган ҳаракатларни содир этмаслик;

шубҳали предметлар ва буюмларни кўрганда, шунингдек тутун ёки ёнғин содир бўлганда зудлик билан спорт иншооти маъмурияти ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига хабар бериш;

фавқулодда вазиятларда ваҳима кўтармаслик, фуқароларни эвакуация қилишга тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатларни амалга оширмаслик, спорт иншооти маъмурияти, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилларининг эвакуацияга доир қонуний талабларини бажариш;

давлат рамзларига, шунингдек Ўзбекистон Футбол ассоциацияси, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси, клублар ва жамоаларнинг рамзларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш;

футбол бўйича спорт мусобақалари ташкилотчилари, спорт иншооти маъмурияти, ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакилларининг ушбу Қоидалар талабларига, умумий қабул қилинган хулқ-одоб нормаларига ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишга доир қонуний талабларини бажариш.

10. Футбол бўйича спорт мусобақалари ўтказилаётган вақтда томошабинларга (мухлисларга) қуйидагилар тақиқланади:

турли буюмларни футбол майдонига, футбол мусобақаси иштирокчиларига қараб улоқтириш,

машъала ёки гулханлар ёқиш;

футбол майдонига чиқиш, жамоалар, ҳакамлар, мураббийлар ва захира ўйинчилар жойлашган жойга, допинг назорати хонасига, расмий шахслар учун мўлжалланган хона ва VIP-ложага ёки стадионнинг бошқа махсус хоналарига кириш;

ўтиш жойларида, зиналарда ёки люкларда туриш, иштирокчилар ва томошабинларнинг (мухлисларнинг) ҳаракатларига халал бериш, ўриндиқ устига чиқиб олиш, тўсиқ ва панжараларга осилиш, ёритиш қурилмаларига, мачталар, қимирламайдиган конструкцияларга чиқиш, спорт иншооти мулкига зарар етказиш.

III боб. Футбол бўйича спорт мусобақалари якунига етганидан кейин томошабинларнинг (мухлисларнинг) ўзини тутиши

11. Футбол бўйича спорт мусобақаси якунига етганидан кейин томошабинлар (мухлислар) спорт иншоотидан чиқиб кетиш тартиби тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

12. Футбол бўйича спорт тадбири якунига етганидан кейин томошабинлар (мухлислар) белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда спорт иншоотини тарк этишлари шарт.

13. Футбол бўйича спорт мусобақаси якунига етганидан кейин томошабинлар (мухлислар)га қуйидагилар тақиқланади:

спорт иншооти ёки клуб маъмурияти вакилисиз майдонга чиқиш, шунингдек спортчиларнинг кийим алмаштириш хоналарига, ҳакамларнинг ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш хоналарига кириш;

бошқа шахсларнинг мулкига зарар етказиш;

футболчилар, мураббийлар ёки томошабинларга, шунингдек уларнинг транспорт воситаларига буюмлар улоқтириш.

IV боб. Якуний қоидалар

14. Мазкур Қоидаларнинг талабларига риоя этмаган ёки унга бўйсунишдан бош тортган шахслар спорт иншоотига қўйилмайди ёки чиптанинг ҳақи тўлаб берилмасдан мусобақадан четлаштирилади.

15. Мазкур Қоидаларнинг талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

16. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Футбол федерацияси билан келишилган. 

Юқорига